Донишнома-Асар Шарқ мумтоз файласуфи Ибн Сино қаламига мансуб бўлиб, файласуфнинг энг йирик асарларидан саналади. Асар соф фалсафий мазмунга эга. Асар тўғрисида бир нечта олимларнинг бир-бирини тўлдирувчи ва инкор этувчи қарашлари ҳам мавжуд. Бу борадаги бизга аниқ бўлган қараш Ибн Синонинг котиби ва шогирди Муҳаммад Жузжонийнинг ҳукмларидир. Жузжоний ўз даврида Ибн Сино даргоҳида хизматда бўлган ва унинг энг севикли шогирдларидан саналган. Шунингдек, у Ибн Синонинг ёзма ишларни кўп ҳам хушламагани боис билганларини оғзаки айтиб турар эди ва мен уларни қоғозга кўчирар эдим, деб гувҳлик беради. Донишнома асари ҳам унинг таъкидлашича айнан мана шундай юзага келган. Унга кўра, Донишноманинг 3 қисми: Илоҳиёт, Табиат ва Мантиқ айнан Ибн Сино иштирокида ёзилган. Асарнинг Илми ҳисоб, Мусиқа, Астрономия ва Ҳандаса оид қисмлари мавжуд бўлиб, асосан, файласуфнинг "Китоб аш-шифо" асаридаги маълумотлари, шунингдек, бошқа асарлардаги ғоялари асосида шакллантирилган. Донишнома Ибн Синонинг умри охирида ёзган асари саналади. Китобнинг ёзилиш сабаби борасида Ибн Сино “Донишнома” муқаддимасида қуйидаги фикрларини келтиради: “Буюк фармондор ва ҳукмдоримиз – одилликда Мансурга тенг, Аздолиддин Алоуддавла, халқнинг тожи (تاخ الآ ئمّا) , миллат фаҳри, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Душманзиёр, амир ул-мўминин (умри узоқ ва бахт-саодатли, давлати зиёда бўлсин) – менга, яъни унинг даргоҳидаги хизматда бўлган киши (мен ҳамма мақсад-у орзуларимни у кишининг даргоҳида мартабаси ва ҳимоясида илмни, илмга ўзни бағишлашни, илм муҳитини топдим)га у кишининг Кенгаши ва хизматидаги ходимлари учун форс-дарий тилида бир китоб ёзишимни тайин этди” . Айтиш мумкинки, Ибн Сино асарни ҳукмдор Алоуддавлага туҳфа асосида Исфаҳонда яшаган даврларида – ҳижрий 412-428 йилларда ёзган. Ибн Синонинг ўзи “Донишнома” матнида ушбу китобга алоҳида ном бериб ўтмаган. Аммо унинг котиби ва шогирди Абдувоҳид Муҳаммад Жузжоний Шайх (Ибн Сино) вафотидан кейин асарнинг риёзиётга доир қисмида шундай ёзган: “… ва у (Ибн Сино)нинг яна бир буюк таснифи “Донишноме-йе аълойи”дир…” . Асар файласуф томонидан тугалланмай қолгани ва фаннинг турли соҳаларига бағишлангани боис ҳам турли манбаларда унинг номи турлича келади. “Донишнома”нинг Британия музейида cақланувчи №16/830 инвентар рақамли қўлёзма нусхасида китоб номи “Аъло фалсафа” )“حکمت علايی”) дея ёзилган ва Ҳинд девони нусхаси (Лондонда сақланади)да асарнинг номи тўлиқ: (“اصول و نکات عالم خمسۀ حکمیّه”) “Фалсафанинг беш ҳукми асослари ва талқини” деб зикр этилади. Асарнинг Осфия (Ҳиндистон) кутубхонасида-ги нусхаси иловасидаги номи “Аъло фалсафанинг илм хазинаси эканлиги” (“حکمت علائی موسوم به مایۀ دانش”) деб қайд этилган . Бинобарин, инглизлар бу китоб номини “Донишнома” деб номлашган. Фақат “Уюн ал-анба” (“عیون الاا نباء”) асарида, бу ҳам эҳтимол билан, асар номи шундай келгани боис “Илм мулки” (“دانش مایه”) деб зикр этган дейиш мумкин . Шарқшунос олим Ч. Риеунинг таъкидлашича, Ибн Синонинг вафотидан кейин унинг ушбу асарини шогирди ва котиби Абдулвоҳид Жузжоний “Донишноме-йе аълойи” деб номлаган. Дарҳақиқат, асарнинг номи (“حکمت علايی”) “Ҳикмати аълойи”, яъни “Аъло фалсафа” эмас, балки китоб фалсафага бағишлаб ёзилгани учун шундай аталган. Шу боис бу номлар ичида “Аълойи”(“علائی”) сўзини ўз нисбатида қўлланган деб айтиш мумкин. Бу сўз ўзаги асарда “аълойи” (“علائ”) деб келган бўлиб, Ибн Сино ўз замондоши бўлган Алоуддавла Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Душманзиёр ибн Кокуйи (398-433) исмли ҳукмдорга бу фалсафий асарни ҳадя қилган ва унга ҳурмат кўрсатган. Яъни ном Аълоуддавла исмли ҳукмдор исми билан боғлиқ. Олиб борилган тадқиқотлар натижасида асар номи “Донишноме-йе аълойи” ва қисқача номи “Донишнома” эканлиги ойдинлашади. Икромқул Раҳмонкулов диссертацияси асосида тайёрланди.