Татар тили сабоқларидан

Мақолада татар тилларининг умумий ва хусий томонлари – уларнинг ўзига хослиги, алифбоси, айрим бир грамматик жиҳатлари ўз аксини топган. Яъни татар тилининг 16 та ўзига хослиги тушунтирилган. Бу ўзига хосликлар ўзбек тилига нисбатан олинган. Бу мақола татар тилига қизиқувчилар ва уни ўрганувчилар учун мўлжалланган.

Калит сўзлар: татар, грамматика, қиёсий, лексика, ўзига хослик

Ключевые слова: татарский, грамматика, сравнителый, лексика, оригинальность

Keywords: tatar, grammar, comparative, vocabulary, originality

-  Туркий тиллар грамматикасини ўрганишда қиёсий-тарихий методни қўллашни,  диахрон ва синхрон аспектда таҳлил қилишни, туркий тилларда сўз ясаш тизимини; морфологик қайта бўлинишни; этимологик таҳлилларни,  туркий тиллар грамматикасига оид назарий маълумотларни билиши ва улардан  фойдалана олиши;

-  Туркий тиллар қиёсий-тарихий грамматикасининг туркий тиллар шаклланиши ва кейинги тараққиёт босқичларини таҳлил қилишдаги аҳамиятини асослаш, тил бирликлари ва нутқ бирликларининг туркий тилларга хос грамматик муносабатини таҳлил қилиш, қадимги даврларга хос тарихий шаклларнинг ҳозирги туркий тиллардаги кўринишларини фарқлаш, лексемаларнинг семантик структурасидаги ўзагаришларни аниқлаш кўникма ларига эга бўлиши керак.

Буларни амалга ошириш учун ўқитувчида етарли билим ва малака бўлиши зарур. Бундан ташқари талабаларнинг дарс машғулотларига тайёргарлиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки филология таълим йўналишида турколог тайёрланилмайди. Демак, туркология билимлар ҳам у қадар чуқурлаштирилмаслиги лозим. Имкон доирасида талабаларга туркий тиллар борасидаги грамматик билимларнинг умумий ва хусусий томонлари тушунтирилса етарли бўлиб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ўзбек ва татар тилларнинг қиёсий грамматикасига оид баъзи мулоҳазаларни баён этмоқчимиз.

Аввало, талаба бериладиган маълумотлар унинг илмий фаолиятида ва ижтимоий ҳаётида керак бўладиган илмлардан иборат бўлмоғи шарт. Бунда, биринчидан, ўзбек тилининг грамматик хусусиятларини яна бир туркий тил (татар тили) билан қиёслаш имконига эга бўлинади ва ўзбек тилшунослигидаги айрим бир масаларга ойдинлик киритишга асос бўлади. Жумладан, ўзбек тилида сингармонизм ҳодисаси бор ёки йўқлиги, унинг грамматик қурилиши ва бошқалар (маълум бир ҳодиса, предмед ҳақидаги фикрлар ўта нисбийдир. Бу ҳодиса, предмедларни бошқа бир шу кабилар билан қиёслансагина, бу борадаги хулосалар нисбатан аниқроқ ва ишончлироқ бўлади).

Иккинчидан, яна бир тилни (татар тилини) ўрганиши учун бир манба бўлиб ҳам хизмат қилиши ижобий ҳол бўлиб ҳисобланади.

Юқорида баён қилинган фикрлардан келиб чиққан ҳолда қуйидагича бир машғулотни эътиборингизга ҳавола қиламиз.  

Топшириқ: Ўзбек ва татар тилларининг алифбосини қиёсланг ва уларнинг умуий ва ўзига хосликлари ҳақида маълумот беринг.

Aa, Bb, Dd, Ee, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Kk, Ll, Mm, Nn, Oo, Pp, Qq, Rr, Ss, Tt, Uu, Vv, Xx, Yy, Zz, O‘o‘, G‘g‘, Shsh, Chch, Ngng

Аа, Әә, Бб, Вв, Гг, Дд, Ее, Ёё, Жж, Җҗ, Зз, Ии, Йй, Кк, Лл, Мм, Нн, Ңң, Оо, Өө, Пп, Рр, Сс, Тт, Уу, Үү, Фф, Хх, Һһ, Цц, Чч, Шш, Щщ, Ъъ, Ыы, Ьь, Ээ, Юю, Яя.

Татар тили қуйидаги ўзига хосликларга эга.

1.  Татар тили морфологик тузилиши жиҳатидан агглютинатив тилларга киради. Яъни, ўзак мустақил қўлланилади. Қўшимчалар ўзакка кетма-кетлик асосида қўшилади. Масалан, татарча тәңка (танга) сўзига (рус тилида деньга сўзини ҳосил қилган) кўплик қўшимчасини қўшамиз: тәңка-ләр; кейин эгалик қўшимчасини қўшамиз: тәңка-ләр-ем (тангаларим); кейин чиқиш келишига қўшимчасини қўшамиз: тәңка-ләр-ем-нән (тангаларимдан).

Ун (ўн)

Ун+лык (ўнлик)

Ун+лык+лар (ўнликлар)

Ун+лык+лар+ы (ўнликлари)

Ун+лык+лар+ы+(н)а (ўнликларига).

Кўриб турганинггиздек, агглютинатив тилларда қўшимчалар ана шу тарзда (кетма - кетлик асосида) қўшилиб бораверади.

Топшириқ: Ушбу ҳолат ўзбек тилида қандай?

2.  Татар тилида сингармонизм қонуняти мавжуддир. Яъни, қаттиқлик-юмшоқлик (танглай), лаб (лабиал) ҳодисаси маъно фақлаш учун хизмат қилади. Шунинг учун унли товушларнинг икки варианти – қаттиқ ва юмшоқ – мавжуд: а – ә, у – ү, ы – е, о – ө (фақатгина и товуши ўзининг қаттиқ вариантига эга эмас).  Шу сабабли сўзнинг биринчи бўғинида қаттиқ унли бўлса, қолган барча бўғинларда ҳам қаттиқ унли бўлади. Ва, аксинча, биринчи бўғинда юмшоқ унли қўлланилса, қолган бўғинларда ҳам юмшоқ унли бўлади:

бала (бола), бала-лар-ыбыз-ны (болаларимизни);

кил (кел), кил-де-ләр-ме? (келдиларми).

Топшириқ: Ўзбек тилининг ўзига хосликларни баён этинг.

3.  Татар тилидаги айрим унли ва ундош товушлар ўзининг специфик вазифасига эгадир: [ә], [ǒ], [ө], [ү], [ě], [ы], [қ], [ғ], [ң], [һ], [ч], [җ], [w], [’] (гамза): әни, әти, өч, өз, озын, үзем, үлан, сеңел, ылыс, [қаора], [ғәдәт], сиңа, һам, Фәһим, чәй, чәч, җәй, җил, авыл [аоwыл], тәэсир [тә’сир], маэмай [ма’май].

Топшириқ: Ўзбек тилидаги унлиларнинг қанадй хусусиятлари мавжуд?

4.  Татар тилида урғу доимо охирги бўғинга тушади. Сўроқ олмошларида эса урғу доимо биринчи бўғинга тушади:

Кéм – ким?

Кáйда – қайда?

Кáчан – қачон?

Нúчек – нечук?

Нúнди – қандай?

Кáя – қаёққа, қайга?

Кáйдан – қаердан?

Нә`рса – нима? ва бошқалар.

Урғу ҳеч қачон бўлишсизлик шаклига – -ма\-мә – тушмайди, балки ундан олдинги бўғинга тушади:

Бар – бáрма

Кил – кúлма

Аша – ашáма.

Урғу ҳеч қачон сўроқ қўшимчасига – -мы\-ме – тушмайди, балки ундан олдинги бўғинга тушади:

Бáрмы – борми?

Ю`кмы – йўқми?

Кираә`кме – керакми?

Белә`ме – биладими?

Матýрмы – чиройлими?

Топшириқ: Бу жиҳатдан татар тили ўзбек тили билан қандай фарқли ва умумийлик касб этади.

5.  Татар тилида бўғинлар ўзига хосдир. Улар олти хил бўлиб, асосан, 4 шакли кўп учрайди:

а) унли: ә-ни (она), ә-ти (ота);

б) унли+ундош: ал-ма (олма), ат-ти (отди, улоқтирди);

в) ундош+унли: ка-ра (қора), ба-ра (боряпти);

г) ундош+унли+ундош: бар-ды (борди), кил-де (келди).

Қолган икки тури жуда кам учрайди:

д) унли+ундош+ундош+ундош (охирги 2 ундош йт, нт, рт, лт ҳисобланади): айт (айт), ант (онт), арт (орт).

е) ундош+унли+ундош+ундош (охирги 2 ундош йт, нт, рт, лт ҳисобланади): карт (қари), тарт (торт), кырт (кескин, ғирт), кайт (қайт), шалт (шалт) (тақлид сўз).

Эътибор қилган бўлсангиз, бир бўғиндаги ундошлар фақатгина лт, рт, йт, ит шаклида учрайди. Яъни қўш ундош келиши сонор+жарангсиз ундош кўринишидагина қўлланилган (Қиёсланг: қирқ, милт, ғирт).

Татар тилида иккинчи бўғин унли товуш билан бошланмайди. Бордию кейинги сўз унли товуш билан бошланса, у ҳолда бўғинлар қайта гуруҳланади:

урман  арасына (ўрмон орасига) – [ур-ма-на-сы-на.]

яшел алан (яшил майдон) – [йэ-шэ-ла-лáн].

Топшириқ: Ушбу ҳолат ўзбек тилида қандай?

6.  Татар тилида жинс категорияси мавжуд эмас. (Ўзбек тилидачи?)

7.  Татар тилида сўзлар эгалик қўшимчаларини олиб турланади:

Бирлик Кўплик
алма-м (олмам) алма-быз (олмамиз)
алма-ң (олманг) алма-гыз (олмангиз)
алма-сы (олмаси) алма-лары (олмалари)
әни-ем (онам) әние-без (онамиз)
әни-ең (онанг) әни-егез (онангиз)
әни-се  (онаси) әни-ләре (оналари)


Топшириқ: Ўзбек тилида сўзлар эгалик қўшимчасини олганда турланадими? Мисоллар келтиринг.

8.  Татар тилида шахс-сон категорияси йўқ. Яъни, феъллар тусланмайди. Аммо ёрдамчи феъллар ва махсус қўшимчалар билан бу тушунчалар юзага чиқади:

укыдым – ўқидим                        укып чыктым – ўқиб чиқдим

бардым – бордим                        барып килдем – бориб келдим

кил – кел                                      кил-гәлә – келгали, марҳамат қил.

Топшириқ: Ушбу ҳолат ўзбек тилида қандай? Мисоллар келтиринг.

9.  Татар тилида сингармонизм қонунятига амал қилингани учун ҳар бир қўшимча ўзининг қаттиқ ва юмшоқ вариантига эгадир. Масалан:

бар-а (боряпти, бормоқ) кил-ә (келяпти, келмоқ)
бар-ды (борди) бәрде (урди)

Бундан ташқари ҳар бир ўзакка қўшимча қўшилганда, ўзак тугаган товушнинг жарангли ва жарангсизлигига қараб қўшимча қўшилади.

кыш-кы (қишки) яз-ги (баҳорги)
кич-ки (кечки, тунги) көз-ге (кузги)

Баъзан, айрим бир қўшимчаларда лаб гармониясига амал қилмаслик ҳолати учраб туради. Буни бурун товушиниг ўзига хослиги билан изоҳлаш мумкин: урман (ўрмон) – урман-нан (ўрмондан), көн (кун) – көн-нән (кундан).

Топшириқ: Ушбу ҳолат ўзбек тилида қандай? Сабабини изоҳланг.

10.   Татар тилида феъл сўз туркуми кўплаб замон ва шахссиз шаклга эга. Айтиш мумкинки, феъл сўз туркумини билиш бу татар тилининг асосий билимини билишдир. (Ўзбек тили мисолида бу фикрга муносабатингиз)

11.  Татар тилида кўмакчилар фаол қўлланилади:

әти белен (ота билан), Ватан өчен (Ватан учун), телефон аша (телфон орқали), театр саен (театр томон), Айдар кебек (Айдар каби). (Ўзбек тили мисолида бу фикрга муносабатингиз)

12.   Татар тилида сон ва сифатлар от сўз туркумидан олдин келиб, турланмайди ҳам, тусланмайди ҳам, яъни от билан битишув муносабатида бўлади:

ике кыз – икки қиз, матур кыз – чиройли қиз

ике кызың – икки қизнинг,  матур кызның – чиройли қизнинг

ике кыздан – икки қиздан,  матур кыздан – чиройли қиздан

ике кызда – икки қизда, матур кызда – чиройли қизда.

13.         Топшириқ: Ушбу ҳолат ўзбек тилида қандай? Мисоллар келтиринг.

14.  Татар тили сўз тартиби ўзбек тилига мосдир: аниқловчи аниқланмишдан олдин келади, кесим гапни тугатади – гап охирида келади, ҳол кесимдан олдин келади, тўлдирувчи феъл-кесимни тўлдиради. Ундалма ва киритмаларнинг ўрни эркиндир. Изоҳловчи сўз изоҳланмишдан кейин келади. Бутун бошли гапга тегишли ўрин ва пайт ҳоли гап бошида бўлади.

15.  Сўзлашув нутқида боғловчилар кам қўлланилади, аммо ёзма нутқда анча фаолдир. Боғловчилар араб ва форс тилларидан ўзлашган сўзлар билан кириб келган:

Һәм (ҳам, ва), да-дә, та-тә (да, та, ва), ләкин (лекин), әмма (аммо), я (ё), яки (ёки), яисә (ёки, ёйинки), чөнки (чунки), гуя (гўё), ки (ки), ягъни (яъни), әгәр (агар). (Ўзбек тили мисолида бу фикрга муносабатингиз)

16.   Татар тилида содда, қўшма ва эргаш гаплар мавжуддир. Эргаш гапларнинг кесими ўзбек тилида бўлгани каби ҳаракат номи, сифатдош, равишдошлар билан ифодаланади ва бош гапга боғланади: Син кайткач, мин әйтермен. (Сен келгач, мен айтаман.) Яз җиткәндә, ул кайтты. (Баҳор келгач, у қайтди.)

Татар тилида, ўзбек тилида бўлгани каби, русча ўзлашмалар ҳам анчагинадир: бүрәнә, моряк, арыш, пароход, келәт, поезд, пушка, завод, бидрә, указ, снаряд ва бошқалар. Шу билан бир қаторда европа ва шарқ тилларидан ўзлашма сўзлар ҳам мавжуддир: солдат, магазин, армия, доктор, конфет. Генерал, штаб, император, сенат, шаль, штаб, корабль, гранат, академия, кавалер, пальто, гвардия, билет, касса, банк, чин, пиала, хан, океан, мавзолей, шалаш, джин (җен), халва,(хәлвә), мандарин, помидор, апельсин ва бошқалар.

Умуман олганда, татар ва ўзбек тиллари бир бирига жуда яқин ва ўхшашдир. Шунинг учун бу тилни ўрганиш ва грамматикасини ўзлаштириш жуда ҳам осондир.