Foydalanuvchi:Zilola Adhamova/Араб маърифатпарварлик адабиётида янги мумтоз шеърият

Шеърият азалдан араб халқлари маънавий бойлигининг салмоқли қисмини ташкил этиб, уларнинг ўзига хос миллий руҳини ва ўзлигини ифодаловчи асосий омиллардан ҳисобланади. Исломгача бўлган Жоҳилия даврида, илк ислом даврида, аббосийлар ҳукм сурган даврларда ижод этган ўнлаб шоирлар араб адабиёти хазинасининг бойишига асос бўлган. Аммо ХVI асрларга келиб, айниқса, Усмонли турклар истилоси даврида Ибн ар-Румий, Абу Таммом, ал-Бухтурий, ал-Мутанаббий, ал-Маарий ва бошқа буюк араб шоирлари даражасидаги бирорта ижодкор­нинг юлдузи шеърият осмонида порламади. ХVII-ХVIII асрларда араб шеъриятида қандайдир бирхиллилик, юзакилик ва насиҳат­гўйлик ҳукм сурарди. Халқ ҳаётидан узилган шоирларнинг сўз санъатини кўпроқ шаклбозликка айлантириб мавҳум ўхшатиш, ноўрин кесатиқларга ҳаддан ташқари берилиб кетишлари қасида мазмунига салбий таъсир кўрсатар эди. ХIХ-ХХ аср бошларида рўй берган миллий юксалиш ҳаракати “ан-Наҳда” шеъриятга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Янгиланиш жараёни маърифатпарварлик тусини олди. Эски талаб ва тасаввурлар шу қисқа тарихий даврда йўқолиб, ўрнига замон талабига жавоб берадиган янги бадиий онг вужудга кела бошлади ва у ўзини янги мумтоз шеъриятда ҳам намоён қилди. Аммо шеъриятда янгиланиш жараёни насрга нисбатан бошқачароқ кечди. Агар насрда бу даврда замонавий жанрларга, шу жумладан, роман, новелла, драма, эссе, публицистик мақола, очеркларга асос солинган бўлса, шеъриятда қадимий қасида услуби устун келди. Бу ҳолатда янгиланишга бўлган замон талаби янги бадиий тизим яратиш орқали эмас, балки аждодлардан мерос қолган шеъриятнинг энг яхши намуналарига тақлид этиш, унинг соғлом анъанавий негизларини тиклаш, ютуқларидан истифода қилишни талаб этар эди. Бунинг сабаби, назаримизда, араб шеъриятида анъаналар насрга нисбатан кўпроқ ҳукмронлик қилгани ва ўзининг таъсир кучини сақлаб қолганида эди.

Мисрда янги шеъриятнинг шаклланиши кўҳна шеърий мерос анъаналарининг тикланиши билан чамбарчас боғланиб кетди. Нашриётлар ривожланиши туфайли саноқли нусхаларда сақланиб қолган нодир шеърий тўпламларнинг қўлёзмалари чоп этилиб, кенг ўқимишли доираларгача етиб борди. Энди мумтоз шеърият дурдоналаридан оддий китобхон ҳам баҳраманд бўлди, уларни ўқиб завқланиш имкониятига эга бўлди. Назм санъати юксак чўққиларни эгаллаган “Олтин давр” - IХ-ХII асрлар шоирлардан ал-Бухтурий, Абу Фирос Ҳамадоний, Абу-л-Атахия, ал-Мутанаб­бий, Абу Нувас, Абу Ало ал-Маарий, Ибн ар-Румийларнинг девонлари нашр этилди. Бундан кейин эса Жоҳилия даврида яшаб ижод этган ал- Муҳалхил, Шанфара каби шоирлар ҳамда “Муаллақат” номини олган машҳур қасидаларнинг муаллифлари — Антара, Тарафа, ан-Набиға аз-Зубйаний, Имрул-Қайс илк ислом давридан Кааб ибн Зухайр, Ҳасан ибн Собит, бадавий лирик шоирлардан Жамил Ибн Мааммар каби шоирларнинг ижоди билан танишиш навбати келди. Бу тенгсиз шеърият хазинаси, бир томондан, ўз образларининг ажиб сеҳри ва нозик ҳиссиёти билан гўзаллик шайдолари қалбларини ром этса, иккинчи томондан, чуқур маънолари маънавий озуқа бўлиб хизмат қилди ва шоирларни бу етук асарларга тақлид этишга ундади. Шундай қилиб ХИХ асрнинг иккинчи ярмида ўсиб улғайган шоирлар ўз ижодида кўҳна шеърий услублардан кенг истеъфода этишга интилдилар. Оқибатда араб шеъриятида янги мумтоз йўналиши вужудга келди.

Демак, араб шеъриятида янгиланиш жараёни дастлаб Мисрда янги жанр ва услублар жорий этиш орқали эмас, балки эски қолипга янги мазмун киритиш билан бошланди. Биринчи босқичда инқироз давридаги (ХVII-ХVIII асрлар) шеъриятга хос бўлган асосий камчиликлар - халқ ҳаётидан узилиш, воқеликдан узоқлашиш, замон муаммоларидан бехабар қолиш каби иллатлардан қутулиш тамойиллари кучайди. Тўғри, бу босқичда адабий жараён осон кечмади, чунки баъзи шоирлар тақлидчилик йўлидан тўппа-тўғри бориб, анъанавий услуб ва образлардан ташқари ҳатто анъанавий мавзуларга ҳам эргашиб ўзларига сохта бадавий муҳит яратишга ҳаракат қилсалар, яна бошқалари янгиланиш эҳтиёжини ўзларича “ўткирроқ англаб” от ёки зотли туя васфи ўрнига энди поезд ёки замонавий пароходни васф этдилар. Бу тоифадаги шоирлар “ат-тақлидиййун” - ҳақиқий тақлидчилар номини олдилар.

Таниқли адабиётшунос Салама Мусо (1887-1952) бундай ўз замонасининг руҳини ҳис қилмаслик ёки унга лоқайд бўлиш самарасиз иш эканини таъкидлаб, шундай деган эди: “Улар қадимги шоирларга тақлид қилишади-ю, аммо замонасидаги Миср фаллоҳининг (деҳқоннинг) аҳволи нима кечганидан ҳеч қандай хабарлари йўқ. Ўзларининг атрофларида бўлаётган воқеаларни кўрмасдан, ҳадеб орқага қайрилиб қарайверишлари шеъриятни ҳалокатга олиб боради”[1].

Шунинг билан бирга айни шу мумтоз шеъриятга эргашганлар орасидан Маҳмуд Сами ал-Барудий, Ҳофиз Иброҳим, Аҳмад Шавқий каби янги даврнинг энг буюк шоирлари етишиб чиқдилар. Бу шоирлар ўз ижодлари билан араб шеъриятининг ҳақиқий латофатини тикладилар, гўзаллиги ва жозибасини янада оширдилар.

Уларнинг асарларида китобхон чин шеърият жозибасини чуқур ҳис эта бошлади. Бу янги мумтоз шеърият намояндалари араб қасидасининг анъанавий кўп қисмли композицияси таркибини сақлаб қолган ҳолда унинг асосий компонентларидан бўлган мадҳ, насиб, васф, рисо, ҳижо, фахр ва бошқалардан ҳам фойдаландилар. Шу йўл билан улар мумтоз шеърият шакллари янги мавзуни ифода этишга қодир эканлигини исбот этдилар.

Аммо арузда ёзилган мадҳия ва марсиялар эндиликда султон ва амирларнинг кўнглини овлаш мақсадида ёзилган мадҳиябозлик бўлиб қолмасдан, балки халқ ғамини еган, ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган курашчиларга, тараққийпарвар давлат арбобларига, халқни жаҳолатдан олиб чиқишни кўзлаган маърифатпарварларга бағишланди.

Замоннинг фикр-руҳиятидан акс-садо берган бу шеъриятнинг мумтоз шеъриятдан мерос қилиб олган бир ҳислати-у сиёсий шеъриятни тиклашдан ҳам иборат бўлди. Ижтимоий-сиёсий масалаларни кўтариб, бу йўналиш ўз даврининг энг долзарб масалаларига юз ўгирди, мустақилликка ундади, эзгу инсонпарварлик туйғулари билан тошди, ватан тақдирини ўйлади, якка ҳокимлик ва истибдодга қарши чиқиб, парламент тузумига даъват этди, ақл-идрокни ва маърифатни тараннум этди. Шунингдек, хотин-қизлар масаласи ҳам бу шоирлар назаридан четда қолмади. Улар аёлга илм бериб, уни жаҳолат дунёсидан маънавият оламига олиб чиқишга даъват этдилар. Унинг зиммасига жуда катта масъулият - миллат шаклланишида соғлом ва онгли авлод етиштириш вазифасини юкладилар.

Бу шеърий йўналиш Европа ва араб адабиётшунослигида янги мумтоз шеърият йўналиши номини олди, унинг намоян­даларини эса, янги мумтоз шоирлар деб атадилар. Уларнинг сафида биринчи бўлиб Маҳмуд Соми ал-Барудий туради.


[1]مندور محمد، الشعر المصي بعد شوقي، الحلقات  3-1 ،    1959-1957 القاهرة.