Foydalanuvchi:Zilola Adhamova/Сурия, Ливан адабиётида маърифатпарварлик жараёни

Сурия маърифатпарварлик ҳаракати намояндаларининг янги араб адабиёти ривожига қўшган ҳиссалари каттадир. ХИХ асрда Сурияга (Шом) ҳозирги Сурия, Лубнон, Фаластин минтақалари кирган бўлиб, азалдан бу диёр машҳур адиблар ва олимлар ватани бўлган. ХИХ асрда ҳам Сурия бошқа араб мамлакатларига нисбатан маданий жиҳатдан анча ривожланган бўлиб, “ан- Наҳда” миллий юксалиш ҳаракатининг асосий марказларидан бирига айланди.

Сурия азалдан бошқа минтақалар, жумладан Ғарб мамлакатлари билан маданий алоқаларни боғлаб келган. Аҳолисининг салмоқли қисми христиан (насроний) динида бўлганлиги сабабли Европа мамлакатлари ХVI асрданоқ бу ерда ўзларининг мактабларини очган, ХVII асрда эса нашриётчилик фаолиятини бошлаб юборишган эди. Лубнон насронийлари (моронийлар) христиан черковининг таъсирида бўлганлиги туфайли ёш лубнонликлар Рим католик черкови ёрдамида Италия ва Францияга гуруҳ-гуруҳ бўлиб бориб, у ердаги мактабларда таҳсил олиб қайтишарди. ХVII-ХVIII асрларда Сурия Усмонли Туркияга тобе бўлганлигига қарамасдан бу ерда Ғарб миссионерлик ҳаракати авжига чиқди. Албатта, ғарб мамлакатларининг бу минтақада черковлар қуриш, мактаблар очиш фаолияти, энг аввало, ўзларининг манфаатларига қаратилган эди. Бу мактабларда таҳсил олган сурияликлар чет тилини билганлиги туфайли ғарб адабиётини аслиятда ўқиб, бошқача ҳаёт тарзи, бошқача тафаккур, фикр юритиш усули, ижтимоий-сиёсий назариялар билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар. Бу омил ўз навбатида сурияликларнинг миллий онги ошишига олиб келди. Сурияликлар мисрликларга нисбатан бир аср аввал буюк француз маърифатпарварлари ижоди билан танишдилар, ундан чуқур таъсирландилар ва қолоқлик билан курашда маънавий озуқа сифатида фойдаландилар. Сурияда ХIХ аср ўрталаридаёқ маърифий жамиятлар тузилиб, уларнинг асосий мақсади билим тарқатиш орқали тараққиётни таъминлаш эди.

«Сурия илмий жамияти», «Илм ва санъат», «Шарқ академияси» номлари билан фаолият кўрсатган жамиятлар бошида Сурия маърифатчилик ҳаракатининг намояндалари Насиф ал- Йазийжий (1800-1871), Бутрус ал-Бўстоний (1819-1883), Френсис Марраш (1836-1873) турар эдилар. Уларнинг маърифатпарварлик борасидаги тамойиллари Френсис Маррашнинг 1866 йилда нашр этилган «Ҳуқуқ бўстони» китобида ўз ифодасини топган. Бу тамойилларнинг энг биринчиси табиат қонунларига амал қилиш эди. Табиат қонунларидан энг муҳими эса озодликка интилишдир. “Озодлик” тушунчасини фалсафий асослаб беришда Ф. Марраш “озодлик - табиий ҳол” эканлиги тўғрисидаги фикрни олдинга суради. Демак, табиатнинг бир қисми бўлган инсон эса озод бўлмоғи керак. У яшаган жамият озодликдан маҳрум этилган бўлса, ривож ва тараққиёт йўлида барча тўсиқларни маърифат ва билим ёрдамида енгиб ўтиши лозим. Жамият фуқаролари қонун олдида тенг жавоб берадилар. Улар ўз фаолиятларида, энг аввало, жамият манфаатларини кўзлашлари фарз ҳисобланади. Якка ҳукмронлик парламент бошқаруви билан чекланиб қўйилиши, суд мустақил иш юритиши лозим.

Сурия маърифатпарварларининг назарий концепцияларида ХВИИ аср француз маърифатпарварларнинг таълимоти, айниқса, Жан Жак Руссонинг таъсири яққол сезилиб туради.

Сурия маърифатпарварларининг кейинги авлоди Адиб Исҳоқ (1856-1855), Жиржи Зайдон (1861-1914), Фарах Антунлар (1874-1922), бир томондан, бу ақидаларни ўзлаштирган бўлсалар, иккинчи томондан, ўзлари яшаган давр таълимотларидан ҳам баҳраманд бўлдилар. Уларнинг дунёқарашида замондошлари Ницше, Л.Толстой, Реннан, К.Маркс каби ғарб мутафаккирлари таълимотларининг унсурлари намоён бўлиши ҳар хил тамойиллар қоришмаси сифатида зиддиятли қарашларга олиб келди. Агар Сурия маърифатпарварлик ҳаракатини Миср маърифатпарварлик ҳаракати билан таққосласак, Сурия маърифатпарварлик ғоялари торроқ кўламда, фақат юқори табақалар, кўпроқ араб масиҳийлари орасида тарқалганлигининг шоҳиди бўламиз. Дастлабки даврларда бу ғоялар мусулмонлардан ташкил топган кенг оммага етарли даражада етиб бормади. Миср маърифатпар- варлари ҳам шунга ўхшаш ғояларни, яъни барча одамлар қонун олдида тенглиги, виждон озодлиги, суд-маҳкама ҳукуматга нисбатан мустақил бўлиши, хусусий мулкнинг муқаддаслиги ва ҳоказоларни тарғиб қилдилар. Лекин Рифаъа ат-Тахтавий, Абдураҳмон ал-Кавакибий, Қосим Амин ва бошқа мисрликлар айни шу ғояларни тарғиб этишда анъанавий, маънавий меросдан ва миллий қадриятлардан келиб чиққан эдилар. Улар Қуръон ва суннатга таяниб, керакли жойларда оятлардан ва ҳадислардан далиллар келтириб, маърифат ғояларини кенг оммага яқин бўлган тушунчалар орқали етказишга ҳаракат қилдилар.

Ҳар хил динларга мансуб бўлган Сурия маърифатпарвар­ларининг яна бир ўзига хослиги шундан иборат эдики, улар маърифатпарварлик ғояларини диний тафовутдан устун қўйдилар. Чунки ХIХ аср 60-йилларидан бошлаб Сурияда маърифатпарварлик ҳаракати Усмонли турклар истилосига қарши миллий-озодлик ҳаракати билан чамбарчас боғланиб кетди. Христиан маърифатпарварлари ҳатто Муҳаммад Пайғамбар (алайҳи-с-салом)давридаги мусулмон жамиятини наму­навий жамият сифатида кўришар ва ўз асарларида уни ана шундай йўсинда тасвирлашарди. Бу ҳолатни биз Фарах Антуннинг тарихий романларида учратамиз.

Араб маърифатпарварлик ҳаракатида мусулмон ва насроний маърифатпарварларининг муштараклиги замон талаби бўлиб, ҳам­корлик диний тафовутдан устун келганлигини кўрсатиш, ўзга динлар ақидаларига ҳам ҳурмат билан қараш катта маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга эди.

ХIХ асрнинг 70-80 йиллари Сурия маърифатпарварлик ҳаракати Усмонли турклар томонидан таъқиб қилиниб, кўп зиёлилар ҳибсга олиндилар ёки ватанларини тарк этишга мажбур бўлдилар. Сурия маърифатпарварларининг аксарияти Мисрга йўл олиб, у ерда иккинчи ватанини топгач, бутун куч-қудратларини шу мамлакатнинг маънавий юксалиши йўлида сарфладилар. Булар ичида Адиб Исҳоқ, Жиржи Зайдон, Йаъқуб Сарруфлар каби машҳур адиблар бор. Таниқли Миср ёзувчиси Тоҳа Ҳусайннинг таъкидлашича: улар «жасур, ғайратли, меҳнатсевар, эрксевар Шом ўғлонлари» эдилар. Улар ёрдамида Мисрда матбуот ривожланиши жадаллашиб кетди. Сурияликлар томонидан ўша даврда таъсис этилган газета ва журналлар ичида ҳанузгача чоп этилаётган Жиржи Зайдоннинг «Ал-Ҳилол» журнали, Йаъқуб Сарруфнинг «Ал-Муқаттам» ва «ал-Муййад» рўзномалари бор.

Сурия маърифатпарварлик ҳаракати ва, умуман, янги давр адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган адиблар ичида шайх Насиф ал-Йазийжий (1800-1871) алоҳида ўрин тутади. У ўз ижоди билан араблар орасида тарқалган «Ал-арабийа ла татанассар» («Араб тили христианлашмайди») деган тушунчанинг нотўғрилигини исботлади.

Ал-Йазийжий Байрут якинида жойлашган қишлоқларнинг бирида насроний оиласида туғилди. У дастлабки таълимотни шу ерда олди. Ёшлигидан араб наҳви ва балоғат илми билан қизиққан Насиф 16 ёшдаёқ христиан монастирларининг бирида патриарх (христиан руҳонийси) қўлида котиб лавозимида ишлай бошлади. Унинг хотира қуввати қанчалик кучлилигини ўсмирлик чоғида Қуръонни ҳамда машҳур ўрта аср шоири ал-Мутанаббийнинг девонини ёддан билганлиги исботлайди. Насиф ёшлигиданоқ арабларнинг анъанавий шеърий жанри - мадҳлар ёзиб кенг доираларида танилди. Бу шеърлар Сурия ҳокими амир Башир қўлига тушиб, унда қизиқиш уйғотди, амир ал-Йазийжийни ўз саройи девонхонасига ишга таклиф этди. Насиф ал-Йазийжий бу ерда 1828 йилдан 1840 йилгача ишлади. Амир Башир мустақил сиёсат олиб боргани учун турклар томонидан таъқибга учраб, Малтага сургун этилганидан сўнг, ал-Йазийжий Байрутга кўчиб ўтди ва у ерда маърифатпарварлик фаолиятини кенг кўламда олиб борди ва «Сурия илмий жамияти»ни (1847) очди, Иижилни араб тилига таржима қилди. 60-йилларда Бутрус ал- Бўстоний билан янги миллий мактаблар таъсис этди, бу мактаблар учун янги қўлланмалар яратди, уржузалар (ражаз вазнидаги) - қофияланган шеърий грамматик рисолалар ёзди. Бутун дунёга машҳур бўлган «Муҳит ал-муҳит» араб изоҳли луғати ҳам унинг раҳбарлигида ХИХ аср 60-йилларида тузилди.

Тил, наҳв, нутқ санъати, балоғат, мантиқ, тиббиёт, шариат, мусиқа соҳаларида ижод қилган Насиф ал-Йазийжий ҳақиқий қомусий адиб эди. Унинг илмий-маърифий фаолияти нафақат араб дунёсида, балки Ғарбда ҳам машҳурдир. Ғарб шарқшуноси Сильвестер де Саси тайёрлаган ўрта аср насрнависи ал-Ҳаририй мақомаларининг нашрига ал-Йазийжий томонидан билдирилган танқидий мулоҳазалар бутун шарқшунослар орасида юқори баҳоланди, ҳатто шарқшунос Меран томонидан лотин тилида нашр этилди.            Қайд этганимиздек, Насиф ал-Йазийжий истеъдодли шоир ва араб адабиётида ёрқин из қолдирган мақомалар муаллифи эди. Унинг «Мажмаъу-л-баҳрайн» («Икки денгиз бирлашуви») номли мақомалар тўплами 1855 йилда нашр этилган.

«Мақома» жанри араб адабиётида анъанавий жанр бўлиб, одатда қофияланган насрда - сажъ усулида ёзилган. Унинг қаҳрамони кўпинча шаҳар фуқароси, ўта маккорлиги ёки соддалиги билан ажралиб туради. Мақомада шу қаҳрамоннинг саргузаштлари баён қилинар экан, у доимо ёмонлар устидан мазаҳ қилади, яхшиликни улуғлайди. Ал-Йазийжий шу усулдан фойдаланиб, замонасининг долзарб ижтимоий-сиёсий муаммоларини кўтариб чиқди. Бу нарса унинг мақомаларини фақат ахлоқий масалалар билан чегараланиб келган Ўрта аср мақомаларидан ажратиб турарди. У ёзган мақомалар нафақат Сурия ва бошқа араб дунёсида, балки Европада ҳам катта шуҳрат қозонди. Улар кетма-кет ғарб тилларига таржима қилинди. Шундай қилиб, Насиф ал-Йазийжий анъанавий мақома жанрининг сўнгги йирик намояндаси сифатида ҳам араб бадиий адабиётининг янги даврдаги ривожига катта ҳисса қўшди.

Шайх Насиф ал-Йазийжий машҳур филологлар сулоласига бош бўлди. Унинг ўғиллари Иброҳим билан Халил адабиёт ва филология илмлари соҳасида ижод этиб, янги араб адабиётида ёрқин из қолдирган адиблардан ҳисобланадилар.

Сурияда яна бир катта филологлар сулоласига асос солган шайх Бутрус ал-Бўстоний (1819-1883) ва унинг оила аъзолари араб халқининг янги давридаги юксалиш - “ан-Наҳда” ҳаракатига сидқи­дилдан хизмат қилган маърифатпарварлар бўлиб етишиб чиқдилар.

Бутрус ал-Бўстоний Лубноннинг Абих қишлоғида туғилди. Қишлоқда америкалик миссионерлар томонидан протестант мазҳабидаги христиан мактаби очилгандан сўнг унга кириб ўқиди. Битиргач, шу мактабнинг ўзида ўқитувчилик вазифасида қолди. Кўп ўтмай у мамлакатда филология ва публицистика соҳаларида ёзилган ишлари билан танилди.

Насиф ал-Йазийжийнинг дўсти ва маслакдоши бўлган Бутрус ал-Бўстоний у билан янги усулдаги Сурия миллий мактабларини очишда фаол қатнашди. Улар ўқувчиларга таълим беришда фақат диний ақидаларга эмас, балки миллий қадриятларга таяниб, чет тилларини ўргатиб, илм-фан борасидаги жаҳоншумул ютуқлар билан таништириб ўқитишни тавсия қилдилар.

Бутрус ал-Бўстоний араб дунёсида замонавий қомуслар тузувчиси ҳисобланади. Бу ишга, умуман, бўстонийлар сулоласининг барчаси ўз ҳиссаларини қўшган.

Бутрус ал-Бўстонийнинг вафотидан сўнг ўғли Салим ал-Бўстоний 1884 йилгача энциклопедиянинг 8 та жилдини нашр эттирди. Қолган 3 жилди Бутрус ал-Бўстонийнинг жияни Сулаймон ал-Бўстоний томониданнашр эттирилди. Бўстонийлар тузган энциклопедия 1975 йилда Лубнонда 7 жилдда қайта нашр этилгани маълум.