Foydalanuvchi:Zilola Adhamova/Янги араб адабиётида ҳикоянависликнинг ривожланиши

Миллий юксалиш даври “Ан-Наҳда” бадиий адабиёт олдига янги вазифаларни қўйди. Бу вазифалардан энг муҳимларига риоя қилиш, яъни замон талабига мослашиш адабиётда ижодий тамойилларнинг ўзгаришига олиб келди. Адабиётнинг жамият олдидаги моҳияти, масъулияти, тарбиявий-маърифий аҳамияти ошди. Вужудга келган янги сиёсий, фалсафий, мафкуравий, илмий тушунчаларни бадиий адабиётда акс эттириш жараёни бошланди. Янги адабиёт ғоявий, мафкуравий томондан бойиб, унинг фалсафий, публицистик ва дидактик руҳи кучайди. Унда «миллат», «ҳуррият», «фирқа», «сиёсат», «ватан», «шўро», «виждон» каби сўзлар кенг қўлланилиб, асар қаҳрамонлари тилида турли вазиятларда турлича жилваланди. Энг муҳими бадиий адабиёт босқичма-босқич ҳаётга яқинлашди. Кундалик ҳаёт ҳодисалари ёки тарих саҳифалари унинг мавзу манбаига айланди. Адабиётнинг ҳаётга яқинлашиши яна бир муаммо - икки тил муаммосини вужудга келтирди. Маълумки, араб оламида адабиёт ва нашриёт учун адабий араб тили - фусҳа ишлатилади. Аммо ҳар бир араб мамлакатининг ўз тили - маҳаллий лаҳжаси бор. Одамлар ўзаро мана шу лаҳжада гаплашадилар, араб мамлакатининг фуқароси иккинчи араб мамлакати фуқароси лаҳжасини яхши тушунмаслиги мумкин. Ўрта асрлардаги сарой адабиётида лаҳжалар буткул тан олинмас эди. Баъзи маърифатпарварлар оммага ўз таъсирини кучайтириш учун лаҳжа тилида асарлар ёздилар. Масалан, Арабий пошо исёнида қатнашган оташин публицист ва мутафаккир Абдуллоҳ Надим ўз шеърларини Миср лаҳжасида яратиб, инқилоб ғояларини куйлади. Адабий араб тили - фусҳанинг ўзи ҳам янгиланиш жараёнини бошидан кечира бошлади. Уни соддалаштиришда, замон талабига мослашишда, эскириб қолган сўз ва иборалардан холи қилиб, тил услубини ўзгартириб, уни тушунарли ҳолга олиб келишда суриялик маърифатпарварларнинг, айниқса, йазийжийлар сулоласининг хизмати жуда катта. Албатта, маърифатпарвар бадиий адабиёт дастлаб, ўз маърифий ғояларини китобхонга дидактик насиҳатлар, соддалаштирилган тил орқали бевосита тарғиб қилар эди. Булар эса унинг бадиий жиҳатини заифлаштирар эди. Лекин шуни қайд этиш лозимки, айни шу маърифатпарварлик адабиётидан ХХ аср бошида танқидий реализм ижодий методи ўсиб чиқди ва адабиётнинг етакчи тасвир тамойилига айланди. Натижада жуда салобатли ва жиддий адабиёт вужудга келиб, у «ал-мужаддидуна» (“янгиланиш тарафдорлари”) йўналиши ёки шартли равишда «Миср модернистлари» йўналиши номини олди.

Иккинчи томондан, ижтимоий-ҳаётий эҳтиёж таъсирида айни маърифатпарварлик адабиётида араб адабиёти учун янги бўлган замонавий жанрлар - роман, ҳикоя, эссе, пьеса, очерк, мақола каби жанрлар шаклланди. Улар ўз навбатида ҳар хил туркумларга бўлиниб кетиб, тасвир усули ва тамойиллари, тасвир мавзуси, тасвирланган воқеаларнинг хусусиятлари билан ранг-баранг тус олди.

Биз маърифатпарварлик бадиий адабиёти билан таништи­риш­ни шу даврда Мисрда ривожланган замонавий ҳикоянавис­ликдан бошлашни мақсадга мувофиқ деб билдик. Замонавий араб ҳикояси вужудга келишида, бир томондан, бадиий таржималар ва матбуотнинг роли катта бўлса, иккинчи томондан, эски жанр­ларнинг, яъни анъанавий мероснинг таъсири бор. Дастлаб, ҳикоя­лар ёзишда араб ёзувчилари анъанавий жанрлар шаклини қўллаганлари ҳолда, замонавий долзарб мазмун билан тўлдирди­лар. Бундай ҳолатни биз суриялик Насиф ал-Йазийжийнинг «Мажмаъу-л-баҳрайн» мақомалар тўплами мисолида кўрамиз. Мисрда мақома жанри шаклидан фойдаланган адиблардан бири Муҳаммад ал-Мувайлийҳий (1858-1930) бўлиб, у замонавий ҳикоя асосчиларидан ҳисобланади. Ал-Мувайлийҳий ал-Азҳар университетида таҳсил қўрди. Арабий пошо исёнида қатнашгани учун Маҳмуд Сами ал-Барудий, Адиб Исҳоқ, Абдуллоҳ Надим каби адиблар қаторида 1881 йилда сургун қилинди. Аввал Италияда, сўнг Францияда яшади. Парижда «Ал-урва ал-вусқа» рўзномасида Жамолиддин ал-Афғоний ва Муҳаммад Абдуҳлар билан ҳамкорликда ишлаб, Ғарбнинг араб мамлакатларида олиб бораётган мустамлакачилик сиёсатига қарши мақолалар ёзди. Ал-Мувайлийҳий қайси ерда яшамасин, тинмай ўз устида ишлар эди. Шу боис бир нечта тил ўрганди. У 1887 йили Мисрга қайтиб, «Ал-Аҳром», «Ал-Муаййад» рўзномаларида ишлай бошлади. 1898 йил отаси билан «Мисбаҳ аш-Шарқ» номли янги рўзномани таъсис этди. Рўзнома дастлабки нашридан бошлаб турк султони ва инглизларнинг босқинчилик сиёсатига қарши чиқарилган бўлиб, «Ма ҳунака?» ( “У ерда нима бор?») махсус рукни остида уларни қаттиқ ҳажв қиларди. Кейинчалик ушбу ном билан чоп этилган адибнинг китоби мусодара қилиниб, ёндириб юборилди.

1898 йилдан то 1900 йилгача «Мисбаҳ аш-Шарқ» рўзномасида унинг «Фитра мин аз-замон ав ҳадис Исо ибн Ҳишом» («Замонадан бир лаҳза ёки Исо ибн Ҳишомнинг ҳикоялари») номли ҳикоялар силсиласи босилиб чиқди. Ал-Мувайлийҳийга шуҳрат келтирган бу асарни янги араб бадиий насрининг ҳикоянависликдаги тўнғич намуналаридан деб ҳисоблаш мумкин. Адиб катта жасорат билан эски мақома жанри қолипида Мисрнинг янги ижтимоий ҳаётидаги иллатларни ошкор ва аниқ очиб ташлади. Ҳикоя ўрта асрлардаги мақомалар қаҳрамони - искандариялик камбағал Исо ибн Ҳишом номидан ёзилган. Бу қаҳрамоннинг саргузаштларини дастлабки мақома муаллифлари Бадиуззамон ал-Ҳамадоний (969-1007) ва басралик ал-Ҳаририй (1054-1122) ўз асарларида жозибали тасвирлаганлар. Ал-Мувайлийҳий бир томондан, уларнинг анъаналарини давом эттирган бўлса, иккинчи томондан, Қуръоннинг 18-сураси («Ал-Каҳф») 18-20оятларидан кенг фойдаланди. Кофирлардан қочиб ғорда 300 йил ухлаган ўғлонлар ҳақидаги ривоят уни шу ҳодисани бошқача талқин этишга илҳомлантирди. Унинг қаҳрамонлари 300 йил эмас, балки ХИХ аср бошида ухлаб қолиб, 1890 - йилларда уйғонадилар. Уйғонганлар орасида бир кекса амир бўлиб, у шаҳарга йўл олади. Бошидан кечирган саргузаштларини Исо ибн Ҳишомга мароқ билан сўзлаб беради. Кекса амир европалашган Мисрни мутлақо танимайди, мамлакат инглизларнинг қўлида бўлишидан ажабланади, европаликларга тақлид кучайганлигидан, барча ерда ажнабий бошлиқлар, полициячилар ҳукм суришидан куйинади. Йўл-йўлакай кекса амир янги ҳаёт тарзи билан танишади, янги маҳкама, янги муассасаларнинг инглизлар таъсирида бошқарилаётганлигини кўради. Фақат олимлар ўша эски билимлари билан қолиб кетишган, ҳатто янги жуғрофий кашфиётлар ҳам уларнинг қадимги тушунчаларини ўзгартира олмаган.

Адиб асарида, халқ оғзаки ижодидан кенг фойдаланганлиги учун ҳикоялар китобхонлар оммасини ўзига жалб қилди. Насрий қофия асосидаги сажь услуби, ҳажвий оҳангда тасвирланган ҳоди­салар асарга ўзига хос жозиба берди. Асар тилида киноялар, кеса­тиқ­лар, қочиримлар кўп учрайди, бу ҳажвийликка мойиллик қучли­лигидан далолат беради. Шарқшунос олим Гибб бу асарга «ҳозирги замоннинг энг ҳаётий ва оригинал араб асари» деб баҳо берган[1].

Мисрда замонавий ҳикоя жанрининг вужудга келишида шубҳасиз, яна бир адиб Мустафо ал-Манфалутийнинг (1876-1924) хизмати каттадир. Ал-Манфалутий Ал-Азҳар университетида таҳсил кўрган. Унинг дунёқараши шаклланишида устозларидан Муҳаммад Абдуҳнинг ислоҳотчилик фикрлари муҳим роль ўйнади.

Ал-Манфалутий ўрта аср мумтоз шеъриятидан Абу Таммом, Ибн ар-Румий, Абу-л-Ала ал-Маарий ижодини яхши ўрганди. Унинг ўзи ҳам яхши шоир бўлиб, лирик ва сиёсий шеърлар ёзар эди. Аммо унга илк бор ҳақиқий шуҳратни «Ан-Назарат» («Нигоҳлар») номли публицистик китоби олиб келди. Бу асарда адиб ўз замонасига хос хусусиятларни танқидий назар билан тасвирлай олди. Унинг «Ал-Манфалутий хрестоматияси» номли яна бир қитоби узоқ йиллар давомида университетларда ўқув қўлланма сифатида фойдаланиб келинди. Унда адиб араб мумтоз адабиётидан энг яхши намуналарни келтирган эди.

Ал-Манфалутий чет тилларини билмаса ҳам чет эл маданиятига, шунингдек, Ғарб адабиётига жуда қизиқар эди. У ҳар бир таржима қилинган китобни ташналик билан ўқир, сўнг унинг сюжетини араб тилида эркин баён қилиб борар эди. Шундай усулда у араб китобхонлари руҳига яқинлашиб, Франсуа Коппеннинг “Тож”, Эдмон Ростаннинг “Сирано де Бержерак”, Алфонс Карроннинг “Липа дарахти соясида”, Бергарден де Сен Пьернинг “Пол ва Виргиния” каби асарлар сюжетини сақлаб қолган ҳолда қаҳрамонларнинг исмини арабчага ўзгартириб, феъл-атворини Миср муҳитига мослади, ҳодиса-воқеаларни ҳам маҳаллий заминга кўчирди. Натижада бутунлай янги ҳикоялар пайдо бўлди. Мана шундай ҳикоялардан унинг машҳур “Абарат” (“Кўз ёшлари”) тўплами тузилди. Маъюслик руҳида ёзилган бу ҳикояларда икки севишганнинг ижтимоий тафовут натижасида бир-бирига етиша олмаганлиги, орзу-умидлари барбод бўлган­лиги кучли ҳис-ҳаяжон билан баён қилинади. Ёзувчи аламли туйғуларни ифодалашда муболағалардан ҳам фойдаланади ва қизиқарли мавзулар, шарқона ҳиссиётга мурожаат этади. Анъанавий услублардан халқ яхши кўрган сажъ услубининг ишлатилиши ал-Манфалутий ҳикояларига шуҳрат олиб келди.

Ал-Манфалутий ҳикоялари марказида доимо инсон образи туради, унинг ҳиссиётини, ўй-фикрларини, ташвишларини ифода этишга адиб алоҳида эътибор беради. Ўз ҳикояларида турли усул композициялардан самарали фойдаланиши ёзувчининг адабий иқтидоридан далолат беради. Ҳикояларининг қурилиши ранг-баранг бўлиб, муаллиф воқеаларни ўз номидан баён қилади. Баъзида асарнинг бошидаёқ муаллиф номидан бўлажак ҳодисаларнинг ечими берилади. Масалан, “Етим” ва “Жарлик” ҳикояларининг композицияси шундай таркибда тузилгандир. Асар композицияси макон ва замон жиҳатидан чекланмаганлиги, муаллиф тавсифлари, ички монологлар ва диалогларнинг ишлатилиши, лирик чекинишларнинг киритилиши, қаҳрамонлар руҳий изтиробини чуқур тасвирлаш каби усуллар араб адабиёти учун янгилик эди. Умуман, араб насрида янги усулни жорий этишда ал-Манфалутийнинг хизмати жуда катта. У араб адабий тилини соддалаштириш, кенг оммага тушунарли қилиш, луғавий архаизмлардан воз кечиш соҳасида катта ишларни амалга оширди.

Ал-Манфалутий ижодида адабиётнинг маърифатпарварлик ва романтик йўналишлари уйғунлашиб кетган. Бир томондан, маърифатпарварлик йўналишига хос тарбиявий ахлоқий масалаларга, дидактизмга мойиллик сезилса, иккинчи томондан, романтизмга хос ҳиссиётга берилиш, шахснинг ички кечинмаларини кўрсатиш, айниқса, унинг инсон қадр-қимматини тасвирлаш жараёнида яққол кўринади.


[1] Крымский А.Е.История новой арабской литературы. Главная редакция восточной литературы. М. 1971.