Baxtishod8
Қадим замонларда ўзининг кучли оқими билан Амударёгача етиб борган Зарафшонннинг кейинчалик узилиб қолиши Зарафшон воҳаси - Бухоро ва Самарқанд ҳудудларида минглаб гектарлаб ерларнинг ўзлаштирилиши оқибати эди. Суғорма деҳқончиликнинг доимий ўсиб бориши Зарафшон сувининг янада кўпроқ сарфланишига сабаб бўлди ва қачонлардир Амударёга қадар етиб борган дарё эндиликда воҳанинг ўзини сув билан таъминлай олмай қолди. Оқибатда Бухоронинг ўзида ҳам тез-тез сув танқислиги сезилиб турган.
Мана шу суғорилиш илдизларининг ўзи қай тариқа юзага келган, деган савол аввало олдимизда кўндаланг турибди. Биз бу масалани ечиш учун бир қанча тадқиқот материалларига мурожаат қилишимизга тўғри келади.
Афсуски, антик давр ёзма манбаларидан келтирилган юқоридаги умумий маълумотлар Бухоро воҳасининг ўзлаштирилиши тарихий жараёни юзаки кузатиш учун ҳам мутлақо етарли далил эмас, шунингдек, биз тадқиқот этаётган масалалар ҳам муайян аниқлик кирита Молмайди. Шунинг учун ҳам қуйи Зарафшоннинг суғорилиш тарихи муаммоларини ёритишда кўпроқ археологик фактларга суянишга тўғри келади. Чунки Бухоронинг турли тарихий даврларга мансуб бўлган ва ҳозирги кунгача сақланиб қолган моддий-маданий ёдгорликлари қуйи Зарафшоннинг ўзлаштирилиши тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, воҳанинг суғорилиб обод этилишининг узоқ тарихий жараённи ўрганишга тадқиқотчилар учун беҳад бой фактик маълумотлар берувчи ягона бош манба ҳисобланади[1].
Қуйи Зарафшоннинг ўзлаштирилиши динамикасини аниқлаш учун, аввало Бухоро воҳасида, айниқса, унинг қадимги суғорилган ерларида топиб текширилган археологик ёдгорликларнинг қисқа бўлса ҳам умумий малумоти устида тўхтаб ўтиш нақсадга мувофиқдир. Бухоронинг қадимги суғорилган ерларнинг асосий катта қисми Зарафшон дарёсининг қуйи оқимида, унинг делта характеридаги қадимги йирик ирмоқларидан бири Вобкентдарё этакларида жойлашган бўлиб, у Бухоро воҳасининг ғарбий ва шимоли-ғарбий чегарасида ёндашган. Жанубдан шимол томон қарийиб 55 км чўзилган бу деҳқончилик массивининг майдони тахминан 100-120 минг гектарга тенг бўлиб, унинг ташқи чегараси воҳанинг шимоли-ғарбий қисмида-ҳозирги обод ерлар зонасидан 10-12 км, ғарбда эса қарйиб 35 км ташқаридан Урганжий даштидан ўтади[2]. Бу раённинг археологик манзараси мезолит даврининг аҳён-аҳёнда учраб турадиган чақмоқтош қуролларидан тортиб, то антик давр ва илк ўрта асрларнинг йирик иншоотлари-хом ғишт ва пахсадан бино қилинган қадимги шаҳарлар, қалъалар ва қасрларнинг харобалари ҳамда Қизилқумга туташиб кетган сувсиз бу ҳудудларнинг қачонлардир суғорилиб обод этилишида хаётбахш рол ўйнаган қадимги суғориш тармоқларининг қуриб қолган изларини хам ўз ичига олган хилма-хил археологик ёдгорликларнинг комплекси билан ифодаланади.
Бухоронинг қадимги суғорилган ерларида ўтказилган археологик тадқиқотлардан маълум бўлишича илк ўрта асрларда, айниқса IX-XI асрларда қуйи Зарафшонда бир қанча йирик суғориш иншоотлари қурилиб, воҳанинг суғорма деҳқончилик ер майдони ниёҳатда кенгайган.
IX-XI асрларда қуйи Зарафшонда суғориш ишларининг кенгайгани тасодифий воқеа бўлмай, балки Араб халифалиги ҳукмронлиги тугатилгач, ўз мустақиллигини тиклаб олган Мовароуннаҳрда, аввал Сомонийлар, с ўнгра Қорахонийлар каби йирик феодал давлатларнинг ташкил топиши туфайли мамлакатда содир бўлган иқтисодий ва маданий тараққиёт билан чамбарчас боғлиқ эди. Бу даврда фақат Бухоро воҳасигина эмас, балки бутун Зарафшон водийси тўла суғорилиб обод этилган.
Х аср муаллифлари маълумотларга қараганда, Бухоро воҳаси Самарқандга нисбатан обод ва кенг бўлган. Унинг обод ерлари 22 рустоққа (манзилгоҳ) бўлинган. Бу рустоқлардан 15 таси воҳанинг атрофини ўраган қадимги мудофаа истеҳкоми - Кампиракнинг ичкарисига 7 таси унинг ташқарисида жойлашган[3].
Наршахий ва Истархийлар ўз асарларида Бухоро рустоқларини сув билан таъминлаган йирик магистрал каналлардан 17 тасининг рўйхатини келтирадилар Истархийнинг малумотларига қараганда, Бухорони кесиб ўтган Зар канали 12 шаҳобга бўлинган[4].
Истархий ва Ҳудуд ул-оламда келтирилган маълумотга қараганда, Бухоро воҳасининг Канпирак билан ўраб олинган обод қисмининг узунлиги ҳам кенглиги ҳам 12 фарсах бўлган.
Бухоро воҳаси Исмоил Сомоний ҳукмронлик қилган даврда айниқса обод этилиб, унинг ташқи чегараси Канпирак деворидан анча кенгайтирилган. Ўз давлат чегарасининг Канпирак билан чекланишни истамаган Исмоил Сомоний деворни тиклаб туриш учун сарфланадиган харажат ва қилинадиган хашар ишларини бекор қилган[5].
Зарафшон воҳаси ўзбекларининг кўп қиррали қишлоқ хўжалиги асрлар ўша тўпланган анъанавий тажрибага таянади. Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудуди табиийгеографик шаритига кўра учта қишлоқ хўжалиги зонасига бўлиш мумкин: тоғли ва тоғ олди зонаси (20,5 %), суғорма ерлар зонаси (18,5 %) ва бепоён дашт ҳамда яйловлардан иборат бўлган зона[6]. Аммо суғорма ерларнинг ҳаммаси ҳам суғоришга яроқли эмас. Тоғ тизмалари ва қум уюмлари орасида, дарё соҳаларида жойлашган зироатчилик воҳалари эса қадимдан деҳқончиликнинг ўзига хос марказлари бўлиб келган. Бундай ҳудудларга Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё водийларини, Зарафшон ва Хоразм воҳаларини мисол қилишимиз мумкин. Шу жумладан қуйи Зарафшон воҳасининг деҳқончилиги тарихий илдизлари анчайин қадимий даврларга бориб тақалади.
Археологларнинг таъкидлашларича, қадимги чорвадор қабилаларнинг деҳқончиликка ўтишини чинакам инқилобий ҳодиса дейиш мумкин. Бу ҳодиса неолит - янги тош даврига тўғри келади.Бундай ҳолат Ўрта Осиёда тўрт-беш минг йиллар муқаддам рўй берган ва узоқ давр давомида ривожланиб келган.
[1] Муҳаммаджонов.А - Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи. Т., 1972-й. Б-76
[2] Муҳаммаджонов.А - Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи. Т., 1972-й. Б-77
[3] Бартольд.B.B, Сочинения т. I, “Туркестан в эпоху монгольского нашествия”. М., 1963-г, C-163-168
[4] Наршахий - Бухоро тарихи. Б-34-35
[5] Муҳаммедов.Ҳ – Ўзбекистоннинг қадимий мудофаа иншоотлари тарихидан. Б-73-74
[6] Жабборов И. Ўзбек халқ этнографияси. Т., 1994-й. Б-89