Қолғансирда қандай “сир” қолган?

tahrir

Бекобод туманидаги “Қолғансир” маҳалласи ҳақида эшитганмисиз? Тарихшуносларнинг маълумотларига қараганда, қишлоқ XVI асрда шаклланган.

У ердан карвон йўли ўтган бўлиб, карвонсарой жойлашган. Айни пайтда қабристонга айланган бу манзилдан турли хилдаги хумдон синиқлари чиқади. Тарихчиларнинг аниқлашича, бу топилмалар XVII-XVIII асрларга тўғри келади. Шу ердаги тепалик карвон йўли учун хабар бериш “пости” бўлган. Номаълум сабабларга кўра, ушбу қишлоқ тупроқ остида қолиб кетган.

Ҳудуддан аввал Сирдарё оқиб ўтган. Ўша вақтлари дарё суви кўплигидан тўлиб-тошган. Ҳатто қирғоғи қир-адирга туташган. Асосан кўчманчи чорвадорлар яшаган. Кейинчалик собиқ шўро ҳукумати топшириғи билан қўшни ҳудудлардан, ҳатто Тожикистон Республикасидан аҳоли кўчириб келтирилган. Улар бу жойни сўраганларга тожик тилида “кўли сиёҳ” яъни “қора кўл”, маҳаллий аҳоли эса "Сирдарёдан қолган кўл атрофида яшаймиз", деб жавоб берган. Шу-шу сирдан қолган, яъни Қолғансир деб айтилади.

Ҳудудни обод қилиш мақсадида Самарқанд вилоятининг Қўшробод тумани Нурота тоғ ён-бағирларидаги "Устук" ва "Саврак" қишлоқларидан аҳоли кўчириб келинган. Устук қишлоғининг фарзанди ёзувчи Баҳром Фирузнинг кундалик дафтаридаги манбаларда ёзилишича, 1950 йил апрель ойда Қолғансир қишлоғига кўчиб келган устукликлар тожик тилида сўзлашган. Ҳозиргача тожик тилида сўзлашадилар.

Қишлоқ 1996 йилга қадар “Чаноқ” ҚФЙ таркибида бўлган, Кейинчалик “Қолғансир маҳалласи ташкил этилган. Яна бир гап. Қишлоқдан машҳур инсонлар кўплаб етишиб чиққан.

Маҳаллий аҳоли профессор Омон Турсунов, Республика бош прокуратураси тергов бўлими бошлиғи Обид Ҳамраев, Тошкент шаҳар (собиқ) прокурори Тошмурод Амонов, Республика ЖИЭК бош бошқармаси назоратчи бош прокурори Алиқул Ҳамраев, ёзувчи, шоир Баҳром Фируз, Хушвақт Умриллаевни шу ернинг фарзанди сифатида фахр билан тилга олади.

Ёшлардан "Маънавият фидойиси" кўкрак-нишони соҳиби Зулхумор Мирзаева, спорт мураббийлари Кенжа Мирзаев, Эсан Қурбоновлар йигит-қизларга ибрат бўлмоқда.

Ҳудудда 2 та мактаб, 1 та МТМ, 1 та ОШП, 2 та савдо дўкони, 4 та балиқчилик фермер хўжалиги фаолият юритади.

Аҳолининг асосий даромади чорвачилик, деҳончилик асаларичилик ва боғдорчиликдан.

Қишлоқ ер майдони - 92.02 гектар. Аҳоли сони - 1978 нафар. 0-30 ёшгача бўлганлар 926 нафар.

Ҳозирда: Маҳалла раиси – Нурали Шодмонов Ҳоким ёрдамчиси – Зуфарбек Мирзакаримов Ёшлар етакчиси – Далержон Дўстбоев Хотин-қизлар фаоли – Фотимахон Бердиева