PR тушунчаси ва моҳияти

"Жамоатчилик билан алоқалар" тушунчаси. Жамоатчилик билан алоқалар (PR) - унга берилган таъриф ва номлар сони жуда кўп бўлиб, мазкур тушунча борасида 1975 йилда Америка жамғармаларидан бири чуқур тадқиқотлар олиб бориб, унинг 500 га яқин таърифи мавжудлигини қайд этади.

Тадқиқот иштирокчилари оддий ҳисоблар билан чегараланиб қолмасдан, тўпланган материалларни батафсил таҳлил қилиб, ўзларининг умумлашган таърифларин берадилар: "Жамоатчилик билан алоқалар - бу махсус бошқарув функцияси бўлиб, унинг воситасида ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни ўрнатиш, турли муаммолар ва масалаларни ҳал этиш имкони яратилади; ташкилотнинг жамоатчилик фикри ҳақида хабардор бўлишига ва унга ўз вақтида жавоб беришига ёрдам беради; раҳбариятнинг асосий вазифаси - жамият манфаатларига хизмат қилишни белгилайди ва шунга эътиборни қаратади; бошқарувчиларни ҳар қандай ўзгаришга тайёр бўлишига ва бундан самара кўришларига ёрдам беради; хавфдан "эрта огоҳлантириш тизими" вазифасини бажаради ва ноқулай тенденцияларни бартараф этишга ёрдам беради; тадқиқотларни ҳамда шаффоф, ахлоқий маъёрларга асосланган муносабатларни асосий фаолият сифатида қўллайди".