Shohruh0150
ШАРИФА ИСКАНДАРОВА
Шарифа Мадалиевна Искандарова 1963 йил 12 январда Марғилон шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. 1970-1980 йилларда шаҳардаги 10-ўрта мактабда, 1980-1984 йилларда Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги ФарДУ) ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. 1984 йили институтни имтиёзли диплом билан тугаллаб, Охунбобоев (ҳозирги Қўштепа) туманидаги 17-ўрта мактабда, сўнгра Марғилон шаҳридаги 9-ўрта мактабда она тили ва адабиёти фанидан сабоқ берган.
Ш.Искандарова 1990 йилдан бери Фарғона давлат университети филология факультетида фаолият кўрсатмоқда. Бу йилларда ўзбек тилшунослиги кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири лавозимларида меҳнат қилган, 2009-2014 йилларда филология факультети тилшунослик кафедраси мудири лавозимида ишлаган. Ҳозир кафедра профессори лавозимида ишламоқда.
Республика тилшунос олимлари ўртасида ўз мавқеига эга бўлган Ш.Искандарова профессор А.Матғозиев раҳбарлигида 1994 йилда Самарқанд давлат университети қошидаги Ихтисослашган илмий кенгашда “Ўзбек нутқ одатининг мулоқот шакллари” мавзусида номзодлик диссертациясини, 1999 йилда профессор А.Нурмонов илмий маслаҳатчилигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ҳузуридаги Ихтисослашган илмий кенгашда “Ўзбек тили лексикасини мазмуний майдон сифатида ўрганиш (шахс микромайдони)” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақият билан ҳимоя қилган. 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация Комиссиясининг қарорига мувофиқ профессор илмий унвонини олган.
Ш.Искандарова - ўзбек тилшунослиги, тилга систем-структур асосда ёндашув билан боғлиқ янги йўналишнинг ривожига, давлат тилининг ижтимоий-маънавий ҳаётдаги мавқеини оширишга, маънавий меросимизни тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган тилшунос олима. Тадқиқотчи тилшунослик назарияси, лексикология, лексикография, грамматика, тилни система сифатида ўрганиш, лингвистикада майдон назарияси, прагматика, этнолингвистика муаммолари бўйича иш олиб боради. Ш.Искандарова тилшуносликда майдон назарияси йўналиши бўйича қатор тадқиқотлар муаллифидир.
Ш.Искандарованинг шу кунга қадар 10 га яқин ўқув-услубий қўлланмаси, 2 та монографияси, республиканинг нуфузли илмий журналлари ва тўпламларида 100дан ортиқ илмий мақолалари эълон қилинган. Жумладан, олима “Лексикани мазмуний майдон асосида ўрганиш” (Тошкент: Фан, 1998), “Тил системасига майдон асосида ёндашув” (Тошкент: Фан, 2007) номли монография, университет филология йўналиши бакалавр ва магистр-талабалари учун “Ўзбек тилининг назарий грамматикаси. Морфология” (Тошкент: Янги аср авлоди, 2001. Ҳаммуаллиф.), “Систем тилшунослик асослари” (Фарғона, 2006), “Умумий тилшунослик” (Андижон, 2007), “Тилшунослик назарияси” (Тошкент: Фан, 2008. Ҳаммуаллиф), “Тилшуносликнинг назарий масалалари” (Фарғона, 2014) сингари қатор ўқув қўлланмаларини яратди. Ҳозирги кунда олий ўқув юртлари магистр-талабалари учун “Ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммолари” ўқув қўлланмасини нашрга тайёрламоқда.
Истиқлол йилларида халқимизнинг миллий ғурури – она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келаётган олима сифатида ҳурмат қозонган. Олима тилшунослик фанида илмий-назарий қарашлари, олиб бораётган тадқиқотлари билан ўз ўрнига эга, у тилшуносликнинг табиий фанлар билан алоқаси доирасида ўзбек тилшунослигига илк бора майдон назариясини олиб кирган. Бугунги кунда мазкур янги назарий концепцияни ривожлантириш йўлида тинимсиз изланиш олиб бормоқда. Шу кунгача унинг раҳбарлигида 4 та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинди, ҳозирда 10 га яқин тадқиқотчилар илмий изланиш олиб бормоқдалар. Ш.М.Искандарова илмий раҳбарлигида олиб борилаётган тадқиқотлар тил системасига майдон асосида ёндашув муаммоларига, умуман, бугунги кунда кенг тарқалган тилнинг ўзига хос хусусиятларини янгича асосда, систем-структур нуқтаи назардан ўрганиш билан боғлиқ масалаларга қаратилган.
Олима республика илмий ҳаётида фаол иштирок этади, 2003-2005 йилларда Фарғона давлат университети ҳузуридаги тилшунослик йўналиши бўйича номзодлик илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича Бирлашган ихтисослашган кенгашнинг раис ўринбосари вазифасини бажарган.
Ш.Искандарова 2008 йилдан буён ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти қошидаги тилшунослик йўналиши бўйича докторлик илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича ихтисослаштирилган илмий Кенгашнинг аъзоси сифатида қатор докторлик ва номзодлик диссертацияларининг муҳокамасида иштирок этди, мазкур илмий Кенгашда 6 та докторлик, 10 дан ортиқ номзодлик диссертацияларига расмий оппонентлик қилди. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти, Фарғона давлат университети қошидаги тилшунослик ва адабиётшунослик йўналиши бўйича докторлик илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича Бирлашган ихтисослашган Кенгаш аъзоси.
Оилали, икки фарзанднинг меҳрибон онаси, тўрт набиранинг севимли бувижониси.
Ш.Искандарова илм-фан, таълим-тарбия соҳасида эришган ютуқлари, самарали меҳнатлари, ёш авлодни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги муносиб хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан 2006 йилда “Шуҳрат” медали, 2012 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.